Самарқанд давлат тиббиёт институти мамлакатда, биринчилар қаторида халқаро ISO сертификатини қўлга киритди

Самарқанд давлат тиббиёт институти мамлакатда, биринчилар қаторида халқаро ISO сертификатини қўлга киритди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Юқумли касалликлар – долзарб масалалар, ютуқлар, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга инновацион ёндашувлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда замонавий тиббиёт, жумладан, юқумли касалликлар, паразитар касалликлар, COVID-19 ва ОИВ инфекциясининг муаммолари муҳокама этилди. Конференцияда инфекционист, паразитолог, терапевт, педиатр ҳамда УАШ каби тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашди.

Конференция очилишида Словакиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ян Бори Самарқанд давлат тиббиёт институтига халқаро ISO сертификатини топширди.

«Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида, биринчилар қатори институтимизнинг халқаро ISO сертификатига эга бўлганидан жудаям мамнунмиз. Бу таълим жараёни халқаро стандартларга мос равишда давом этаётгани, халқаро рейтингларга кириш имкониятимиз ошиб бораётганини ифодалайди. Институтимиз нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам ўз мақомига эга бўлганини англатади», — дейди СамДТИ ректори, профессори Жасур Ризаев.

Тадбир бевосита онлайн тарзда кузатиб борилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, давлат бош санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев, Россия Федерал тиббий-биологик агентликнинг юқумли касалликлар бўйича болалар илмий-клиник маркази президенти, академик Юрий Лобзин, Украина миллий тиббиёт фанлари академияси академиги Михаил Андрейчин, Астрахан давлат тиббиёт университети президенти Халил Галимзянов, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Марказий Осиё бўйича минтақавий маркази директори Даниэль Сингер ва бошқалар анжуманнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрини билдирди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда, шунингдек, йигирмага яқин дунёнинг тиббий билим юртларидан етакчи олимлар, соҳа мутахассислари маъруза қилишди. Муҳокама қилинган мавзулар бўйича энг замонавий маълумотлар келтирилди. Қилинган маърузаларнинг аксарияти амалий йўналтирилган бўлиб, хусусан COVID-19нинг турли касалликлардаги хусусиятлари ва улардан реабилитация қилиш амалиёти бўйича маърузачилар томонидан маълумотлар келтирилди.

Халқаро конференция, шубҳасиз, минтақа ва бутун республикада юқумли касалликлар, паразитар касалликлар, COVID-19 ва ОИВ инфекциясини даволаш каби йўналишларни ривожлантиришга, малакали тиббиёт кадрларини шакллантиришга, мазкур соҳаларга инновацион янгиликларни киритишга ҳамда мамлакатимиз олимларининг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, институтда 2020—2021-ўқув йилида 30 дан ортиқ халқаро конференция, 6 та халқаро олимпиада ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари билан турли мавзуларда 300 га яқин халқаро вебинарлар ўтказилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати