Самарқанд вилоятида куйдирги тарқалгани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди

Самарқанд вилоятида куйдирги тарқалгани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нарпай тумани «Ўзбекистон» маҳалласидаги Танишка қишлоғида ҳайвонлар орасида Сибир яраси — куйдирги касаллиги тарқалгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Аммо бу маълумот тасдиқланмади, деб хабар берди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вазият Давлат ветеринария қўмитасида ташкил этилган махсус штаб томонидан ўрганилган. Олинган намуналар Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораторияларида синовдан ўтказилди. Уларда касаллик қўзғовчилар топилмаган.

Сибир яраси — ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, унинг давомийлиги оғир кечади. У қишлоқ хўжалиги, уй ва ёввойи ҳайвонларнинг барча турларига юқиши мумкин, шунингдек, касаллик ҳайвондан одамга осонликча юқади.

Ташқи муҳитда касаллик қўзғовчилари 100 йилгача сақланиши мумкинлиги боис касалликнинг эски ўчоқлари давлат ветеринария хизмати назорати остига олинган.

Сибир яраси касаллигининг мамлакатга кириб келишига йўл қўймаслик учун ветеринария хизмати қишлоқ хўжалик ҳайвонларини эмлаш бўйича профилактик ишларни мунтазам олиб бормоқда.

Таъкидланишича, 2020 йилда Сибир ярасига қарши 36,7 млн, 2021 йилда эса 26,4 млн бош чорва профилактик эмлашдан ўтказилди.

Йил охирига қадар иммунитет фаоллиги якунига етадиган 10 млн.дан ортиқ қорамолда профилактик эмлаш ўтказилган.

Йил бошидан бери эски ўчоқлар ҳамда касаллик аломатлари аниқланмаган 84,1 минг бош йирик шоҳли чорва ва қўйлар терисидан 3021 та намуна текширилди, дейилади хабарда.