Самарқандда бўш иш ўринларини яширган 135 нафар мансабдор 285 миллион сўм жарима тўлади

Самарқандда бўш иш ўринларини яширган 135 нафар мансабдор 285 миллион сўм жарима тўлади

Самарқанд вилоятида 2020 йил мобайнида бўш иш ўринларини яшириб келган 135 нафар мансабдор 285 миллион 440 минг сўм жарима тўлади. Бу ҳақда вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Шаҳбоз Холиқулов маълум қилди.

«Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги иштироки Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунининг 18-моддасида белгилаб қўйилган. Яъни қонунчиликка кўра, барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим», — дейди Шаҳбоз Холиқулов.

Масъулнинг таъкидлашича, фуқаролар мурожаати ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасида аксарият ҳолларда иш берувчилар бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслиги маълум бўлган. Тақдим қилинадиган маълумотларда эса кўп ҳолларда мавжуд бўш иш ўринларини кўрсатмаслик ҳамда иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиш ҳолатлари учрайди.

Масъулнинг эслатишича, бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.