Самарқандда декан ўринбосари пора билан қўлга олинди

Самарқандда декан ўринбосари пора билан қўлга олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Чилонзор тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Унда фуқаро Б.А. ва бошқалар фуқаро А.ни Қирғизистон Республикасининг тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртига ўқишга киритиб, кейинчалик ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчириш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига олдиндан келишилган 7 300 АҚШ доллари ҳисобидан 35,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Юқоричирчиқ туман бўлими ҳамда ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.И. бошқа бир фуқарони Чирчиқ педагогика институтига контракт асосида ушбу институтда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан келишилган 3 000 АҚШ доллари ҳисобидан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, Самарқанд давлат чет тиллар институти факультет декани ўринбосари С.И., фуқаро Н.нинг ушбу институтда таълим олаётган қизини якуний назорат имтиҳонидан ўтказиб бериш эвазига 550 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.