Самарқандда эр аразлаб кетиб қолган хотинини 31 марта пичоқлаб ўлдирди

Самарқандда эр аразлаб кетиб қолган хотинини 31 марта пичоқлаб ўлдирди

Самарқандлик эркак аразлаб опасиникига кетиб қолган аёлини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, эр-хотин ўртасидаги жанжалга рашк сабаб бўлган. Марҳуманинг акаси айтишича, унинг синглиси эрининг зўравонлигидан азият чекаётганини айтган. Аёл ушбу масалада бир неча марта мутасаддилардан ҳам кўмак сўраган.

«22 октябрь куни эри томонидан калтакланганидан кейин опасининг уйига қочиб келган. Эри унинг орқасидан келган», — дейди аёлнинг акаси.

Судланувчи ўзи томонидан содир этилган ўта оғир жиноят фош бўлишини ўйлаб, муқаррар жавобгарликдан қутулиш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғи билан ўз жонига суиқасд қилган. Бироқ ҳодиса жойига келиб қолган гувоҳларнинг ёрдами билан ҳаёти сақлаб қолинган.

«2019 йил 25 апрель куни турмуш қургандик. Рашк туфайли келишмовчилик чиққан. Қилган хатомни англадим», — дейди айбланувчи.

Судда айтилган кўрсатмаларга кўра, 33 ёшли аёл 39 ёшли судланувчининг 3-турмуш ўртоғи ҳисобланган. Эркак биринчи хотинидан фарзанд кўрмагани учун, иккинчи хотинидан аёл Туркияга кетиб қолгани учун ажрашган.

Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчи Тойлоқ туман суди томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» бандида назарда тутилган жиноятда айбли деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.