Самарқандда кредит қарздорлигини тўламаган фуқаро ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди

Самарқандда кредит қарздорлигини тўламаган фуқаро ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди

Ижтимоий тармоқларда Оқдарё туманида бир фуқаронинг давлат кредит бермаётганлиги учун ўзини юқори қават бинодан ташламоқчи бўлганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Видео бўйича Самарқанд вилояти Оқдарё туман ҳокимлиги маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳолат 2021 йилнинг 28 июн куни Оқдарё туманида содир бўлган.

Аниқланишича, Оқдарё тумани «Тўрон» МФЙ Арпа қишлоғида яшовчи фуқаро Э.Ф. 2020 йил апрел ойида ҳунармандчиликка ёғоч маҳсулотлари сотиб олиш учун «Микрокредитбанк»нинг Лойиш филиалидан 30 миллион сўм кредит олган.

Фуқаронинг ойлик кредит қарзини тўлаш суммаси 2 миллион 895 минг сўм бўлиб, 2021 йил май—июн ойлари учун тўловни амалга оширмаган.

Суд қарорига асосан, мажбурий ижро бўлими ходимлари қарзни ундириш мақсадида фуқаронинг уйига борган. Бундан норози бўлган Э.Ф. тумандаги «Микрокредитбанк» АТБ Оқдарё филиали олдидаги бинонинг юқори қаватига чиқиб, ўзини ташламоқчи бўлган.

Жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳодиса жойига ИИБ ходимлари етиб бориб, фуқаро билан тушунтириш ишларини олиб борганидан сўнг Э.Ф. фикридан қайтган.

Шунингдек, фуқаро унинг турмуш ўртоғи М.Н.нинг ҳам «Микрокредитбанк»дан тўланмаган 2 ойлик, жами 2 миллион 50 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Фуқаро Ф.Э.га нисбатан банк томонидан қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмаган.

«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқларда «давлат кредит бермаганлиги учун фуқаро ўзини бинодан ташламоқчи бўлди», деб нотўғри талқин қилинганлигини маълум қиламиз», дейилади ҳокимлик хабарида.