Самарқандда ўз аёлини кетмон билан шафқатсизларча уриб ўлдиран эркакка суд ҳукми ўқилди

Самарқандда ўз аёлини кетмон билан шафқатсизларча уриб ўлдиран эркакка суд ҳукми ўқилди

Бу ҳақда  жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти, Пайариқ туман судининг раиси Шуҳрат ШАРИПОВ журналист Хонбиби ҲИММАТ қизига маълум қилган.

Абдуҳаким ака қизи Назирани 2018 йилнинг октябрь ойида Абдуқаҳҳорга яхши ниятлар билан катта тўй қилиб узатишганди. Назира турмуш ўртоғиникида дастлаб қайнонаси билан аҳил яшади. Бир йилдан сўнг Рустам исмли фарзандли бўлишди. Сўнг қайнона-келин ўртасида ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқди. Шундан сўнг қайнона уларни уйидан чиқариб юборди.

Отасиникига қайтган Назиранинг ортидан 3 кундан сўнг турмуш ўртоғи Абдуқаҳҳор ҳам етиб келди. У Назирасиз яшолмаслигини қайнона ва қайнотасига айтди. Қайнота куёвига қизи билан шу ҳовлида тинч-аҳил, уришмасдан яшайдиган бўлса, тураверишини таъкидлади. Куёв рози бўлди. Шундан сўнг қайнота қизи билан куёвига уйидан алоҳида хона ажратиб берди.

Улар биргаликда тинч-тотув яшай бошлашди. Абдуҳаким ака уларга ўзининг томорқа еридан уй-жой учун ер майдони ажратиб берди. Кўп вақт ўтмай 3 хонали уй ҳам қуриб берди. Куёви Абдуқаҳҳор ўғли Жамолиддин билан ўзларининг фермер хўжалигида турли ишларни бажариб юрди.

Мудҳиш воқеа содир бўлган куни Жонона опа эрта тонгда турмуш ўртоғи Абдуҳаким ака ва ўғли Жамолиддинни ишга кузатди. Улар машинада Жума шаҳрига кетишди. Шундан сўнг Жонона опа ўғли Жамолиддиннинг 9 ойлик фарзандига қараб турди.

Қизи Назира ва куёви Абдуқаҳҳор ҳамда неваралари нонушта қилишди. Уларга ҳалақит бермаслик учун у ошхонадан бошқа хонага болани кўтариб, чиқиб кетди.

Қизи билан куёви нонушта қилиб бўлишгач, Рустамни ҳам кўтариб, янги уйларини лойсувоқ қилишлик учун чиқиб кетишди.

Улар қурилиши тамомланмаган уйда ишларини бошлашди. Шунда Назира турмуш ўртоғига уйга кўчиб ўтиш чўзилиб кетганини, шу пайтгача хонадон битмаганини гапириб, эрининг ишидан кўнгли тўлмаганини айтди.

Иккаловининг ўртасида жанжал келиб чиқди. Назира шу ерда бўлган  кетмоннинг ёғочдан ишланган даста қисми билан эрининг елка соҳасига бир марта урди. Абдуқаҳҳор ўзини аёл киши томонидан калтакланиб, ғурури поймол бўлгандек ҳис қилди. Ғазабланиб, Назирага  ташланди. Унинг қўлидаги  кетмонини тортиб олди. Кетмон билан хотинининг пешонасига бир урди. Бундай бўлишини кутмаган Назира ерга гурсиллаб йиқилди.

Абдуқаҳҳор эса Назирага янада кучлироқ азоб бериб, уни алоҳида қийноққа солиш, шу орқали ўзидаги нафратни намоён қилиш мақсадида ерга йиқилиб қолган турмуш ўртоғининг бошига ва дуч келган ерига шафқатсизларча кетмон билан кетма-кет ураверди.

Сўнгра қайнотасининг уйига қайтди.

Жонона опа уйда ўтирган вақтида кимдир уйга кириб, шкафда турган “Дамас” машинасининг калитини олди. Орадан 5-10 дақиқалар ўтганидан сўнг айвонда турган “Дамас машинаси ўт олишни бошлаганлигини эшитди. Ким экан деб, эшикни очиб қараганида, “Дамас” машинаси ҳали жойидан қўзғалмаганлигини кўрди.

Абдуқаҳҳор “Дамас”ни ўт олдиролмагач, хонасига кириб, уст-бошини алмаштирди. Шкафда турган пуллардан 80 минг сўмини олиб, уйдан чиқиб кетди. Аввалига Жума шаҳрига, сўнг Самарқанд шаҳрига борди. Нима иш қилиб қўйганлигини ўйлаб, пушаймон бўлди.

Жонона опа куёви ва қизини ҳар куни соат тахминан 11:00лар бўлганида тушлик қилишлик учун ишлаган жойига бориб, чақириб келарди. Шунинг учун улар ишлаб турган битмаган уйига қараб бораётганида, йўлда ўғли Зоҳидни фарзанди Фозил билан келаётганини кўрди. Зоҳид онасининг мақсадини билгач, ўзининг ўғли Фозилга аммаси Назиранинг уйига бориб, тушликка чақириб келишини тайинлади.

Бироздан сўнг Фозил чопиб бориб, қайтиб келди. Аммаси Назира бир аҳволда қимирламасдан ётганини, унинг ўғли Рустам атрофида йиғлаб юрганини айтди.

Шундан сўнг она-бола янги қурилган уйга югуриб боришди. Уйнинг деразаси ёнида Назира ётарди. Унинг чап кўзи рўмоли билан боғланган, ўнг кўзи очиқ ҳолатда, атрофи кўкариб кетганди. Невараси Рустам эса йиғлаб, атрофида эмаклаб юрарди.

Зоҳид дарҳол уйга қайтиб, “Дамас” машинасини калитини тополмасдан, “Нексия-3” машинасини ҳайдаб келди. Назирани шифохонага олиб кетишди. Зоҳид отасига қўнғироқ қилиб, Назирани Абдуқаҳҳор уриб, ўлдириб қўйганини айтди.

Ота дарҳол Зоҳиднинг ортидан бориб, машинага ўтирди. Қизини томирини ушлаб кўрган вақтида юраги урмаётганлигини билди. Шифокорлар Назирани текшириб кўриб, вафот этганини айтишди.

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари келишди.

Абдуқаҳҳор туман Ички ишлар бўлимига ўз ихтиёри билан бориб, турмуш ўртоғини урганини тан олди.  ИИБ ходимлари унга турмуш ўртоғини ўлиб қолганини айтишди.

Суд Абдуқаҳҳор Элмуродовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.