Самарқандда танишининг 16 минг долларини тотализаторда ютқазиб қўйган шахсга жиноий иш очилди

Самарқандда танишининг 16 минг долларини тотализаторда ютқазиб қўйган шахсга жиноий иш очилди

Самарқанд вилоятида танишидан алдов йўли билан катта миқдорда пул олиб, уни букмекерлик сайтида ютқазиб қўйган шахсга нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 2021 йил май ойининг охирларида 26 ёшли С.Ф. 28 ёшли таниши Х.Ш.нинг ишончига кириб, унга салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланиш ва фойда кўришни таклиф қилиб, жами 16 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини алдов йўли билан қўлга киритади.

 

Шундан сўнг ушбу пулларни 1XBet букмекерлик сайтида мавжуд ўйинларга тикиб, ютқазиб қўйгани ҳамда бугунги кунга қадар Х.Ш.нинг пулларини қайтариб бермасдан, алдаб келаётгани аниқланади.

Бундан ташқари, С.Ф. 2021 йилнинг май ойида таниши Т.Ж.га тегишли Damas русумли автомашинани пулларини бўлиб тўлаб бериш шарти билан 9 000 АҚШ долларига харид қилиб, автомашинани бироз муддат бошқариб, 2021 йилнинг июль ойи бошида бошқа шахсга автомашина ўзига тегишли эканига ишонтириб, 6 200 АҚШ долларига сотиб, пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан С.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.