Самарқандда "участковой"нинг автомобилини ёқиб юборган шахс қамалди

Самарқандда

Самарқандда профилактика инспекторининг автомобилини ёқиб юборган шахс суд қилинди.

Суд мажлисида маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 июль куни соат 19:30 атрофида Самарқандда жамоат жойида маст ҳолда жанжал қилган фуқаронинг устидан ИИОга шикоят келиб тушган.

Шундан сўнг, профилактика инспектори унинг уйига борганида фуқаро ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай пичоқ кўтариб, профилактика инспекторига ташланган.

Шу пайтда инспектор зудлик билан тергов тезкор ходимларини воқеа жойига чақирган. Жанжал кўтарган фуқаро жахл устида уйининг олдида турган профилактика инспекторининг автомобилини ёқиб юборган.

ЖИБ Каттақўрғон туман суди айбланувчига суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, фуқаро ЖКнинг 140 (ҳақорат қилиш), 173 (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 277 (безорилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун 4 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинди.