​​Самарқандда Янги йил арчаси учун табиий арчаларни кесганлар жаримага тортилди

​​Самарқандда Янги йил арчаси учун табиий арчаларни кесганлар жаримага тортилди

Самарқанд шаҳри Алишер Навоий кўчасига ўрнатилаётган Янги йил арчаси соғлом табиий арчалардан кесиб олиб кўтарилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, Алишер Навоий кўчасида Янги йил арчасини тайёрлаш давомида Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан шу атрофдаги Элдор навли қарағайнинг ён шохларини кесиб олгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан бошқарма масъул ходимларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисмига биноан жарима жазоси тайинланган (мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима).

«Шунингдек, давлат инспекторлари томонидан масъуллар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантирилганини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.