Самарқанддаги деҳқон бозорида ёнғин содир бўлди

Самарқанддаги деҳқон бозорида ёнғин содир бўлди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида жойлашган деҳқон бозорида ёнғин чиқди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 14 июнь куни соат 00:01 да туманнинг «Қорақуйли» МФЙ Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Иштихон деҳқон бозори» МЧЖда озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари сотиладиган очиқ савдо растасида ёнғин бўлаётгани тўғрисида туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган.

Ҳодисани бартараф қилиш учун воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 00:32 да ўраб олиниб, 01:35 да тўлиқ ўчирилган. Олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасида савдо расталарининг 450 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.