Самарқандлик ёшлар билан очиқ мулоқот

Самарқандлик ёшлар билан очиқ мулоқот

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг хабарига кўра: 19-феврал куни Самарқанд давлат университетида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ва Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов иштирокида университетнинг Самарқанд давлат университети талабалари ва фаол ёшлар билан давра суҳбати ўтказди. 

Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашувда Таълим инспекцияси бошлиғи Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни қийнаётган муаммоларни тизимли ўрганиш орқали ҳал қилишга алоҳида эʼтибор қаратилаётганлиги таъкидлар экан, Таълим инспекцияси ҳам ёшлар билан доимий ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги маълум қилди.

– Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида Ўзбекистонда янги — 3-ренессанс даврига пойдевор қўйиш ва бу йўлда таълим тизимини такомиллаштириш, унда сифат кўрсаткичларини юқори даражада ушлаб, ҳал қилувчи аҳамият касб этиши борасида бир неча маротаба тўхталиб ўтмоқдалар. Албатта, бу бежиз эмас. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади. Бунда эса Сизларнинг, яʼни бўлажак ўқитувчиларнинг ўрни ҳар қачонгиданда муҳимдир. Чунки, биз таълим соҳасида бугун амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг мевасини эртага Сизлардан оламиз.

Ўтган йил якунида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида “Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз ва азму шижоатингизга суянамиз,” деганлари ҳам бежиз эмас. Бу сўзлар албатта бизга ҳам сиз ёшларга ҳам улкан масʼулият юклайди. Ўзим ҳам фаолиятим давомида ёшлар билан кўп суҳбатлашаман.

Илм-маърифат ўчоғи бўлган Самарқандда сиз ёшлар билан учрашиб, “Бугун талабаларни қандай муаммолар қийнаяпти?”, “Тизимда сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқишимиз учун нималар қилишимиз лозим?”, “Олдимизда турган ва балки биз кўрмаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича Сиз ёшларда қандай таклиф ва ташаббуслар бор?” каби муҳим саволларга жавоб олишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман,– дея таъкидлади Улуғбек Ташкенбаев.

Жумладан, Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов ўз нутқида талабаларнинг мустақил таълим олишга бўлган интилишлари, кутубхоналардан унумли фойдаланиш ва бўш вақтни самарали ўтказиш, хусусан, чет тилларни ўрганиш зарурлигини алоҳида айтиб ўтди.

Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда университет факултетларида мини-кутубхоналар ташкил этиш таклифи илгари сурди. Филология факултетининг ижодкор талабалари ўз ижод намуналарини ягона тўплам ҳолида чоп этиш, санʼатшунослик ва мусиқа таълими мутахассислиги талабалари учун амалиёт ва дарсларни ихтисослаштирилган мусиқа ва санʼат мактабларида ўтиш, юридик факултети талабалари учун амалиётларни ҳуқуқий корхоналарда ўташ каби таклифлар билдириб ўтилди.

Тадбир сўнггида талабалар томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди ва режалар белгилаб олинди.