Сардоба авариясидан жабр кўрган қозоғистонликларга янги уйлар берила бошланди (фото)

Сардоба авариясидан жабр кўрган қозоғистонликларга янги уйлар берила бошланди (фото)

Мақтаарал туманида сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли пунктларини тиклаш мақсадида 895 та уй реконструкция қилинмоқда. Айни пайтда 360 та уйнинг қурилиши тўлиқ ҳажмда якунланди. Қолган уйларнинг деворлари кўтарилиб, томи ёпилган, деб хабар беради Kazinform ҳудудий алоқа хизматига таяниб.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Мейржан Мирзалиев туманга амалий ташриф билан келди. «Умуман олганда, туманда қурилаётган 895 та уйнинг 195 таси Ўргебас овулида, 314 таси Фирдавсий овулида, 386 таси Мирзакент овулида жойлашган.

Бугунги кунга қадар Фирдавсий овулида 88 та, Ўргебасда 44 та уйнинг қурилиши якунланди ва Мирзакент қишлоғида 227 та уйнинг қурилиши якунланмоқда.

Режага кўра, барча уйлар октябрь ойининг охирига қадар тўлиқ қуриб битказилиши керак. Бевосита вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкевнинг назорати остидаги ушбу ишлар жадал олиб борилмоқда», - деди М.Мирзалиев.

Ўргебас ва Фирдавсий овуллари аҳолиси давлат кўмаги билан уй-жой қурмоқда. Уйда қурилиш ишлари учун маблағлар 3 босқичда берилади.

Яқинда янги уйга кўчиб ўтган Гулсара Ештаева ҳам кўпчилик қатори тўловни ўз вақтида олган.

«Биз янги уйга кўчиб ўтдик, жуда хурсандмиз. Давлат, жамоат фондлари ва аҳоли томонидан жуда кўп турли хил ёрдамлар кўрсатилди. Масалан, ҳар бир оила учун 1 минг АҚШ доллари, ҳар бир оила аъзоси учун 100 минг тенге олдик. Уй қуришга сарфланган барча маблағлар товон пули сифатида берилди.

Бундан ташқари, баъзи қурилиш материаллари бепул етказиб берилди. Ушбу қийин даврда бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган Президентимизга, вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», - деди Ўргебас қишлоғида яшовчи Г.Ештаева.

Мирзакент овулида қурилаётган 386 та уйнинг 196 таси ҳукумат захираси ҳисобига, 190 таси жамоатчилик ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қурилмоқда. Бундан ташқари, янги маҳаллада мактаб, болалар боғчаси, тиббий амбулатория ва полиция бўлими қурилмоқда.