"Сардоба иши" бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди.

Айтилишича, 21 декабр куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар М. Холматов (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Гидротехник иншоотлар қуриш дирексияси” бошлиғи лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 17 киши) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар. Суд жараёни давом этмоқда.

“Ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилаяпти. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади”, дейилади Олий суд хабарида.