Сардоба тўғони ёрилишининг уч асосий сабаби айтилди

Сардоба тўғони ёрилишининг уч асосий сабаби айтилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва унинг сабабларини ўрганиш натижалари юзасидан анжуман ўтказилди. 

Анжуман тўғоннинг бузилиши сабаблари бўйича қуйидагиларга тўхталиб ўтилди:

Биринчидан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган.

Иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган.

Иккинчидан, «UzGip» МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган Техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган.

Учинчидан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилган.

Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатацияси жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳолати бўйича буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш ташкилотлари ҳамда эксплуатация хизматининг 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.

Айни пайтда уларга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган.

Ҳозирги вақтда сув омборини қуриш учун ажратилган бюджет маблағларининг қонуний сарфланганлиги юзасидан жиноят иши доирасида тафтиш ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мазкур воқеага дахлдор барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига яқин кунларда суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади.