Сардоба тўғонига бетон ишлатилмаганми?

Сардоба тўғонига бетон ишлатилмаганми?

Халқаро пресс-клубнинг Сардоба воқеаларига бағишланган сессиясида Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов ҳам иштирок этди.

Унинг айтишича, тўғоннинг ўзи унинг лойиҳавий конструкциясидан келиб чиққан ҳолда тупроқли-тошли бўлган.

"Тўғонни қуришда тупроқ ва тош ишлатилган. Тўғоннинг сув чиқарадиган жойи бетон ҳамда арматурадан бўлган, айнан сув чиқарадиган жойи.

Бундай сув омборлари жуда кўп. Бунда тупроқнинг турига қаралади. Ўзбекистонда бетон тўғонлар ҳам бор, масалан, Андижон сув омбори бетон тўғони ҳисобланади. Бу жойнинг рельефи ҳамда шароитига қараб қилинади. Сирдарё, Жиззахга ўхшаган ҳудудларда нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам худди шу каби тупроқли тўғонлар қуриб фойдаланилади", — дейди Воҳиджон Аҳмаджонов.