Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 4,4 млрд сўм ажратилади. Бу бўйича вилоят ҳокими тегишли фармойиш берди.
Фармойишда қайд этилишича, Сардоба сув омборида юзага келган фавқулодда ҳодиса натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида зарар кўрган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш ишлари (бажарилган ишларга асосан) билан боғлиқ харажатларга республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 3,0 млрд сўм ажратилади.
Шунингдек, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициясига 1,4 млрд сўм ажратилади.