Сардор Рашидов расман «Кувайт СК» футболчисига айланди

Сардор Рашидов расман «Кувайт СК» футболчисига айланди

«Пахтакор» клуби яримҳимоячиси Сардор Рашидов яна легионерга айланди.

Ўзбекистон миллий жамоасига номзод ҳужумкор яримҳимоячи фаолиятини Кувайтда давом эттиради. Рашидовга Кувайтнинг байроқдор жамоаси «Кувайт СК» таклиф билан чиққан ва музокаралардан кейин Сардор Рашидов бугун, 17 июль куни араб клуби билан келишувга эришган. Футболчининг отаси Ихтиёр Рашидов билан боғланганимизда, Сардор Рашидовнинг «Кувайт СК» билан бир йиллик шартномага имзо чекканини маълум қилди.

30 ёшли футболчининг «Пахтакор» билан амалдаги шартномаси мавжуд бўлса-да, томонларнинг ўзаро битимида футболчига хориж клубидан таклиф тушса, уни қўйиб юбориш ҳақида банд борлиги сабабли Сардор Рашидов Ўзбекистон чемпиони сафини эркин агент сифатида тарк этади.

Қайд этиш жоиз, «Кувайт СК» ОФК кубоги жорий мавсумида «C» гуруҳидан жой олиб, гуруҳ босқичини 1-ўринда якунлаб, кейинги босқичга чиққан. ОФК кубоги ғолиблигини қўлга киритишни мақсад қилган кувайтликлар 1 июль куни Англиянинг «Сток Сити» клубидан Жон Оби Микелни таклиф этган бўлишса, яқинда «Қатар СК»дан марокашлик футболчи Меҳди Берраҳма ҳам кувайтликлар билан келишувга эришганди. Энди Рашидов «Қатар СК»даги собиқ жамоадоши ва «Челси»нинг нигериялик собиқ футболчиси билан бир клубда тўп суради. 

Маълумот учун, Сардор Рашидов бунгача Қатарнинг «Ал Жаиш», «Қатар СК», БААнинг «Ал-Жазира» ва Португалиянинг «Насиональ» клубларида фаолият юритганди.