Сардор Умурзаков Афғонистондаги Ўзбек тили байрамида иштирок этди

Сардор Умурзаков Афғонистондаги Ўзбек тили байрамида иштирок этди

OFFICIAL

20 октябр, сешанба куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга расмий ташриф билан борди.

Ташриф чоғи делегация Кобулдаги Президент саройида ташкил этилган Афғонистондаги Ўзбек тили миллий байрами тантаналарида қатнашди. Афғонистон томонидан тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳамда мамлакатнинг олий раҳбарияти иштирок этди.

Байрам тадбирида нутқ сўзлаган Ашраф Ғани: “Яна 100 йилдан сўнг, бугун Афғонистон ва Ўзбекистон узликсиз муносабатларни тиклади. Марказий Осиё беш давлатининг тарихий, иқтисодий ва маданий ҳамкори бўлган Афғонистон яна бир сафда турибди. Кун сайин муносабатларимиз кучаймоқда. Натижада ҳам биз, ҳам Марказий Осиё давлатлари барқарорлик сари йўл олмоқда”, - деди (иқтибос Америка Овозидан).

Сардор Умурзаков Афғонистон президенти билан яккама-якка ҳам суҳбатлашди. Суҳбат давомида жаноб вазир Тошкент Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва афғон ҳукумати режаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Фото: Афғонистон президенти матбуот хизмати

Томонлар икки томонлама, иқтисодий ва савдо алоқаларни ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдилар, дейилади Афғонистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигида, Умурзаков, шунингдек афғон ТИВ Муҳаммад Ҳаниф Атмар билан ҳам учрашди.

Ўзбек делегацияси Қишлоқ хўжалиги, ирригатсия ва чорвачилик вазирлиги ва Меҳнат, ижтимоий ишлар, шаҳидлар ва ногиронлар вазирлиги билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади, деди Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Гранд Ҳевад.

Афғонистонда 21 октябрь – расмий жиҳатдан байрам куни - Ўзбек тили куни деб эълон қилинган. Афғонистон Конституциясига мамлакатнинг расмий тилларидан бири сифатида киритилган ўзбек тили Афғонистоннинг 10 вилоятида кенг тарқалган ва йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Афғонистонда ўзбек тилида бир нечта теле- ва ўнлаб радиоканаллар ҳам эфирга узатилади.