Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати: О.Сатторийнинг суд ишига ҳокимликнинг алоқаси йўқ

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати: О.Сатторийнинг суд ишига ҳокимликнинг алоқаси йўқ

Foto.Aniq.uz

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг “Human.uz” ахборот портали орқали вилоят ҳокимига нисбатан билдирган фикрлари юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Депутат Р.Кушербаев “Сўз блогерларга” кўрсатувида блогер Отабек Сатторий ва унинг суд жараёни ҳақида сўз юритаркан, “Сурхондарё вилояти ҳокимига шу масалада алангали салом, деб қўймоқчи эдим. Отабек Сатторийнинг қандай жигарлари, фарзандлари бўлса, у кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор. Бу дунё қайтар дунё эканлигини унутмаслик керак. Буни нима учун айтаётганимни у киши жуда яхши билиб турибдилар, менимча. Қолганларга ҳам инсоф берсин”, дея таъкидлайди.

Бу билан депутат Р.Кушербаев оммавий ахборот воситасидаги ўз чиқишида Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан “У кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор, қайтар дунё бу” дея мавҳум айблов қўйиб, томошабинларда гўёки, блогер О.Сатторийнинг суд ишига вилоят ҳокими алоқадордек фикр уйғотди.

Депутат томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан қўйилаётган бу асоссиз айблов депутатлик одоби қоидаларига мутлақо тўғри келмайди.

Таъкидлаш лозимки, вилоят ҳокимлиги томонидан блогер Отабек Сатторийга қарши ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмаган, вилоят ҳокимлигининг ушбу ишга алоқаси йўқлиги боис, суд жараёнида ҳокимлик ҳатто гувоҳ сифатида ҳам чақирилмаган.

Қолаверса, одил судлов фақат суд органлари томонидан амалга оширилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига қонун билан белгилаб берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда иш юритади, суд органларининг ишларига аралашиш ҳокимлик ваколатига кирмайди.

Шунингдек, процессуал нормаларга асосан томонлар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда юқори инстанцияларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Депутатлик одоби қоидаларига кўра, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларга кўра, депутат Р.Кушербаевдан ўз чиқишларида депутатлик одоби қоидаларига ҳамда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига қатъий амал қилиши сўралади.