Сенаторлар «Таълим тўғрисида»ги қонунни қабул қилди

Сенаторлар «Таълим тўғрисида»ги қонунни қабул қилди

Бугун, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтаётган олтинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги биринчи масала – «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, «Таълим тўғрисида»ги Қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермайди.

Мазкур янги Қонуннинг қабул қилиниши эса таълим масаласининг тарбия билан узвий боғлиқлиги таъминланади. Бу билан ижтимоий ҳаётимизнинг ҳозирги босқичида, хусусан, ҳар бир ёшни шахс сифатида маърифатли камолга етказиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш ва тарбиялашга, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим турини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мактабгача таълим тизимидан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълимнинг узвийлигини, мазмун жиҳатидан кетма-кетлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, бошланғич, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилмоқда.

Шунингдек, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятимизда интеллектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ҳамюртларимизнинг олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларга ҳуқуқий ойдинлик киритилган мазкур қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.