Сергелида кучли ёнғин юз берди

Сергелида кучли ёнғин юз берди

2019 йилнинг 8 ноябрь куни соат 17:52да Тошкент шаҳар Сергели тумани 2-даҳасида жойлашган “Сергели кичик саноат зонаси” ҳудудида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабар асосида воқеа жойига дастлаб автоматик равишда 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 17:57 да етиб борган вақтда ишлаб чиқариш цехлари жойлашган бинонинг иккинчи қавати очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.

Тошкент шаҳридаги юқори қаватли биноларга ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали воқеа жойи кузатилиши ҳамда воқеа жойидаги ёнғин ўчириш раҳбари томонидан тасдиқланган II юқори чақириқ бўйича қўшимча равишда 6 та асосий ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 19:46 да қуршаб олиниб, соат 20:20 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида “Сергели кичик саноат зонаси” ҳудудидаги “Магна-мебел” МЧЖга қарашли мебель ишлаб чиқариш цехи ва “Усефул-бизнес-груп” синтефон ишлаб чиқариш цехининг 1500 кв.метр майдонда томи ва ички қисмилари ёниб зарарланган.

Ёнғиндан объектнинг 15500 кв.метр майдони сақлаб қолинган ҳамда аланга ҳудуддаги қўшни тадбиркорлик объектларига ўтиб кетиши олди олинган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.