Шаҳарда нималар сув тоширди? Ҳокимлик Тошкентда атиги бир неча соат ёққан ёмғир келтириб чиқарган муаммолар ҳақида маълум қилди

Шаҳарда нималар сув тоширди? Ҳокимлик Тошкентда атиги бир неча соат ёққан ёмғир келтириб чиқарган муаммолар ҳақида маълум қилди

Фото.'Darakchi.uz'

23 май куни пойтахтда атиги бир неча соат ёққан ёмғир жуда кўп муаммо ноқулайликларни келтириб чиқарди.  Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Шаҳар кўчалари ва қувурлари ёмғирга тайёрмасмиди?

Пойтахтга хизмат кўрсатувчи коммунал хизмат ходимлари ва техника таъминотида аввалги йилларга қараганда анча ўсиш бор. Авариявий вазиятларда фойдаланиш учун махсус машиналар харид қилинган, ишчилар сони ортган.  

Унда муаммо нимада?  

Хайрулла Турсунов – Ободонлаштириш бошқармаси ходими:

-Биз соат 19:00 дан иш бошладик ва салкам 3 соат мобайнида Миробод туманининг марказий ва ички кўчаларини ёмғир сувларидан тозаладик. Аслида ҳар куни бу кўчаларни ва ариқларни тозалаймиз, супурамиз. Бироқ эртаси куни худди иш қилинмагандек, яна шу аҳвол!  

Савол беришингиз мумкин, нега ҳар куни ариқлар тозаланса ҳам сув оқиб кетмаяпти деб.  

Кеча тозалаган ариқларимизни  барчасини полиэтилен пакетлар, бир маротабалик қоғоз стаканлар ва баклажкалар тусиб  қўйган ва сув оқиб кетишига имкон бўлмаган. Айниқса, полиэтилен пакетлар барча муаммоларнинг сабабчиси. Ариқларнинг  зовурларга қуйиладиган қисмида темир панжаралар ўрнатилган, ўша ерни тозалаб ташласак муаммо ҳал. Бироқ унга қадар вақт керак бўлади ва йўлларга сув тошади.  

Пойтахтда ёққан ёмғир натижасида кўплаб марказий ва ички кўчалар сув тўпланишидан азият чекди.  

Шохруҳ Рахимжонов Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал масалалари бўйича ўринбосари в.б:

-Шу куни бизнинг ходимларимиз 19:00 дан 01:30 га  қадар тинмай ишлашди. Аслида уларнинг иш вақти 18:00 гача бўлса ҳам, бундай вазиятларда уларнинг ёрдами бизга жуда зарур. 300 нафар ободонлаштириш ходимлари ёғаётган ёмғир остида хизмат қилишди. Шунингдек, 20 тадан ортиқ техникамиз тўпланиб қолган сувларни тортиб олишди, чиқиндиларни олиб чиқиб кетишди ва бошқа вазифаларни бажаришди. Қолаверса, ФВВ ходимлари ҳам бу жараёнга жалб этилди.  

Асосий сув тошган кўчалар

-Амир Темур кўчаси;

-Г.Узоқов кўчаси;

-Ашхобод боғи яқинидаги туннель;

-"Миробод" деҳқон бозирининг олд томони.

"Бу кўчалар доим автомобиллар ва одамлар билан гавжум, қолаверса, уларда чиқинди ташлаш учун қутилар етарли. Бироқ, кимларнингдир эринчоқлиги ёки шунчаки одати боис мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келмоқда.  

Машинадан чиқинди отаётганингизда ёки қўлингиздаги бўш пластик идишни ариққа ташлаётганингизда “битта меники нима ҳам бўларди” деб ўйларсиз. Аммо сиз каби ўйлайдиганлар кўпайиб кетаётганлиги боис 300 нафардан ортиқ оила бошлиқлари ўша тунни ариқлардаги  СИЗ ТАШЛАГАН чиқиндиларни тозалаш билан ўтказди.", - дейилади ҳокимлик хабарида.