Шаҳрисабз ҳокими қабулига борган аёл жамоатчилик тартибини сақлаш баҳонасида бир кун «жиннихона»га тиқиб қўйилди

Шаҳрисабз ҳокими қабулига борган аёл жамоатчилик тартибини сақлаш баҳонасида бир кун «жиннихона»га тиқиб қўйилди

Foto.Daryo

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ҳоким қабулига шикоят қилиб борган аёл жамоатчилик тартибини сақлаш баҳонасида бир кун мажбурий тартибда асаб-руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда «Дарё» маълум қилди.

Маълум бўлишича, 1964 йилда туғилган ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Нодира Ўринованинг такрорий мурожаатлари инобатга олиниб, 2018 йил унга Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан бепул уй-жой берилган.

«Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, раҳмат. Мендек ногиронлиги бор аёлларга бепул уй-жой бериш тартибини жорий қилди. Шу сабаб менга ҳам уч хонали уй берилди. Бунинг учун алоҳида, раҳмат, ҳаммага. Бироқ менга берилмаган уй-жиҳозларини — гилам, телевизор, хонтахталарни ‘берилди’ дея республика Касаба уюшмасига маълумот берилган. Демак, менга берилган уй-жиҳозларини кимдир ўзи олган ва уй-жиҳозлари менинг номимда қолган. Мен шу адолатсизликни фош қилиш мақсадида МФЙ раиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг (ўша пайтдаги — таҳ.) раҳбари Шаҳло Раҳмоновага кўплаб мурожаатлар қилдим, аммо натижаси бўлмади», — дейди мурожаатчи Нодира Ўринова.

Қашқадарё вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Аллаевнинг 2021 йил 30 январь куни фуқаро Нодира Ўриновага йўллаган жавоб хатида унга янги уй билан бирга хонтахта, телевизор ва гилам берилгани ҳақида нотўғри ахборот берган «Дўстлик» МФЙ раиси Рустам Бозоров ҳамда унинг ўринбосари Моҳира Каримовалар шу қилмиши учун лавозимидан олингани маълум қилинган.

«Шаҳрисабз шаҳрига янги ҳоким Акром Сулаймонов келгач, янги ҳокимга ҳам бу ҳақда шикоят қилдим ва кўзбўямачиликнинг бошида турган Шаҳло Раҳмонованинг қилмишларини очиб ташладим. Бироқ мурожаатларимга ўз вақтида жавоб берилмагани учун 2021 йилнинг 5 апрель куни ҳоким қабулига қайта бордим ва хатимга жавоб талаб қилдим. Шунда ҳоким жаҳл устида ‘чақир участкавойни’, деди. Вазиятдан фойдаланган Шаҳло Раҳмонова эса, хатингизга мен жавоб бераман дея, мени ҳокимликнинг пастки қаватига олиб тушиб, МФЙ раиси ва ‘участкавой’га бериб юборди», — дейди мурожаатчи аёл.

Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Акром Сулаймонов «Дарё» мухбири билан мулоқотда Нодира Ўринова билан боғлиқ воқеани тасдиқлади.

«Ҳақиқатан ҳам Нодира опа кўп маротаба қабулимда бўлган. Ҳар сафар у кишининг мурожаатини диққат билан тинглаб, имкон қадар ижобий ечим билан қайтаришга ҳаракат қилганман. Опа ҳар сафар қабулимга ҳар хил муаммолар билан келган бўлишига қарамай, деярли муаммоларининг ижобий ечими билан ортга қайтган. Ўша куни (2021 йил 5 апрель — таҳ.) Нодира опа яна мурожаат қилиб келди. Ва ҳокимлик биносида бақир-чақир, шовқин кўтарилди. Шунда Миллий гвардия ходимларига жамоатчилик тартибини сақлаш ҳақида топшириқ бердим. Аммо воқеа якуни қандай тугаган, бундан хабарим йўқ», — дейди Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Акром Сулаймонов.

Мурожаатчи Нодира Ўринованинг аниқлик киритишича, 2021 йил 5 апрель кунидаги воқеа, унинг Китоб туманидаги вилоят 2-сонли асаб-руҳий касалликлар шифохонасига қамалиши билан якунланган.

«Шаҳло Раҳмонова мени ҳокимлик биносининг пастки қаватига олиб тушиб, ‘Дўстлик’ маҳалласининг янги раиси Фарруҳ Исканов ҳамда ‘участкавой’ Зоҳид Амирқуловга рўпара қилди. Маҳалла раиси ва ‘участкавой’ менинг қўлимни орқага қайириб, қўлларимни кўкартириб, ‘участкавой’нинг Matiz машинасида «жиннихона»га олиб бориб ташлади. Уларнинг адолатсизлиги сабаб мен бир кун «жиннихона»да мажбурий қамаб қўйилдим», — дейди Нодира Ўринова.

«Дарё» мухбири сўровига жавоб берган «Дўстлик» МФЙ раиси Фарруҳ Исканов ҳамда ҳудуд профилактика инспектори Зоҳид Амирқулов мурожаатчи Нодира Ўринованинг Китоб туманидаги вилоят 2-сонли асаб-руҳий касалликлар шифохонасига олиб борилганини тасдиқлади. Бироқ бунга ҳоким топшириқ бермаганини айтиб, Нодира Ўринованинг шифохонада рўйхатда туришини важ қилиб кўрсатди.

«Ҳақиқатан ҳам опани асаб-руҳий касалликлар шифохонасига олиб борганмиз. Бунга ҳоким топшириқ бермаган...