Шаҳрисабз, Марғилон ва Хивада Маданий мерос техникумлари ташкил этилади

Шаҳрисабз, Марғилон ва Хивада Маданий мерос техникумлари ташкил этилади

«Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Қарорга кўра, «Ипак йўли» туризм халқаро университети «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланган. Университет ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда ушбу соҳаларни илмий ва инновацион тадқиқ этиш бўйича илмий муассасага айлантирилган.

2022/2023-ўқув йилидан Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва сервис коллежлари негизида Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва маданий мерос техникумлари (Маданий мерос техникумлари) ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент туризм ва сервис коллежи негизида университетнинг Тошкент филиали ташкил этилган.

Университет ҳузурида қуйидагилар ўз фаолиятини бошлайди:

  • «Ипак йўли» халқаро тадқиқот институти;
  • «Ипак йўли» музейи;
  • «Ипак йўли» арт-резиденцияси;
  • «Ипак йўли» санъат галереяси;
  • Реставраторларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш маркази.

Ҳар йили университетга ШҲТ, МДҲга ҳамда Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар фуқароларига магистратурада давлат гранти асосида таълим олиш учун 85 та ўрин ажратилади. Университетнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари учун хизмат турар жойи сифатида 20 та уй-жой ажратиб берилади.

«Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2022–2026 йилларда хориждаги нуфузли таълим муассасаларида туризм, маданий мерос ва музейшунослик йўналишларида докторантура (PhD) ва магистратурада ўқитиш дастури жорий қилинади. Дастур доирасида 50 нафар иқтидорли мутахассис (40 нафари магистратура ва 10 нафари докторантура (PhD) босқичида) ўқитилади.