Шавкат Мирзиёев амалдорлар ва таниқли бизнесменларни тақдирлади

Шавкат Мирзиёев амалдорлар ва таниқли бизнесменларни тақдирлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мукофотланганлар рўйхатида, жумладан, кўплаб давлат амалдорлари, ҳокимлар ва таниқли бизнесменларни кўриш мумкин. Кимга қайси мукофот насиб этди?

Амалдорлар

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуротов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан, Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Равил Абдуқодиров «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан, бош вазир маслаҳатчиси Аброл Ваҳобов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, Давлат геология қўмитаси раиси Бобир Исломов ва Давлатергеодезкадастр қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев «Дўстлик» ордени билан билан тақдирланган. Шунингдек, Президент Администрациясининг олти нафар масъул ходими «Содиқ хизматлари учун» медалига лойиқ кўрилган.

Ўз навбатида, Миллий банк раҳбари Алишер Мирсоатов ва «Ўзбекипаксаноат» раҳбари Баҳром Шарипов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Алишер Мақсудов ва «Ҳудудгазтаъминот» компанияси раҳбари Баҳодир Эшмуротов «Дўстлик» ордени билан, «Ўзсаноатқурилишбанк» раҳбари Азиз Воитов ва «Ўзбектелеком» бош директори Назиржон Ҳасанов «Содиқ хизматлари учун» ордени билан муокофтланган.

Ҳокимлар

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Қизилтепа тумани ҳокими Шабон Набиев «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов эса «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов, Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов, Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминжонов, Ховос тумани ҳокими Раҳимжон Бобоев, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахонов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев, Пешку тумани ҳокими Амрилло Назаров, Чуст тумани ҳокими Баҳодир Охунов, Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев, Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоев, Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов, Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган.

Мукофотланганлар рўйхатида, шунингдек, бир қатор вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарларини ҳам учратиш мумкин.

Элчилар

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов «Дўстлик» ордени билан, мамлакатнинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов эса «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Адилбек Каипбергенов ҳам «Дўстлик» ордени эгасига айланган.

Бизнес вакиллари

Ўзбекистонда хоккей спортини оммалаштиришга масъул ишбилармон, Eriell компаниялар гуруҳи бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Самарқанддаги Sam Antep Gilam компанияси директори Камол Абдуллоев, UzTex тўқимачилик корхоналари гуруҳи директорлар кенгаши раиси Фарҳод Мамажонов, Golden House Development’нинг 76 фоиз акциясига эгалик қилувчи Unique Trade Business компанияси директории Пайзуллажон Мирзаев «Меҳнат шуҳрати» ордени эгасига айланди.

Agromir Group ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов «Дўстлик» ордени, Craffers қандолатчилик компанияси директори Азизхон Амилов эса «Шуҳрат» медали билан мукофотланган. Шунингдек, ENTER Engineering компанияси ва To‘palang HPD компанияларининг кўплаб ходимлари ҳам турли давлат мукофотларига лойиқ кўрилган.

Маълумот учун, юқоридагиларнинг бари «Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш, илғор инновацион технологияларни жорий этиш, фаол инвестиция муҳитини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш йўлидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни кучайтириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларидаги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун» давлат фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган.