Шавкат Мирзиёев бугун яна Садир Жапаров билан қўнғироқлашди

Шавкат Мирзиёев бугун яна Садир Жапаров билан қўнғироқлашди

1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров телефон орқали мулоқот қилдилар. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбатда куни кеча ўтган мулоқотлар давоми сифатида икки давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар.

Ўз вақтида кўрилган ва ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегараси қисмидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришилгани ва унинг кескинлашишига йўл қўйилмагани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Марказий Осиё минтақасидаги барча масалаларни биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида конструктив ва ишончга асосланган мулоқот орқали биргаликда ҳал қилиш борасида қатъий эканликларини яна бир бор таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни ҳам Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди.