Шавкат Мирзиёев давлат бюджети харажатларини 2,2 трлн сўмга оширишни маъқуллади

Шавкат Мирзиёев давлат бюджети харажатларини 2,2 трлн сўмга оширишни маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағларнинг миқдорини 2,22 триллион сўмга (қарийб 205,4 миллион доллар) ошириш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Аввалроқ молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров президент ва ҳукуматнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, экспортни рағбатлантириш ҳамда бошқа «муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари доирасида давлат бюджети харажатларини яна 2,2 триллион сўмга ошириш режалаштирилганини маълум қилганди.

Хусусан:

«Ташаббусли бюджет» доирасида туман ва шаҳарларда фуқароларнинг ташаббусларини молиялаштиришга — 117 миллиард сўм;
давлатга ғалла сотувчи фермер ва ғаллачилик кластерларига ҳар бир тонна учун 350 минг сўмдан — жами 800 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилади;
Мўйноқ туманидаги 5 кишигача аъзоси бўлган ҳар бир оилага 5 миллион сўмдан бир марталик ёрдам ҳамда Қорақалпоғистондаги 21 та ижтимоий-иқтисодий муаммоли маҳаллани ободонлаштиришга 67 миллиард сўм;

Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси учун (Тўпаланг сув омборидан магистрал сув қувурини қуриш, лойиҳа To‘palang HPD Platinum компанияси томонидан амалга оширилмоқда) 200 миллиард сўм, Россиядан қувурлар сотиб олиш учун Тикланиш жамғармаси ҳисобидан 327 миллиард сўм — жами 527 миллиард сўм.Аҳадбек Ҳайдаровнинг аниқлик киритишича, пул қувурлар нархи ошишидан олдин сотиб олиш учун ажратилмоқда;
ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига 100 миллиард сўмдан (жами 300 миллиард сўм), шунингдек, Тошкент шаҳрига 200 миллиард сўм — жами 500 миллиард сўм;

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари учун компенсация тўлаш учун — 50 миллиард сўм. Йил бошида бу мақсадлар учун 150 миллиард сўм, кейинроқ яна 123 миллиард сўм йўналтирилди. Молия вазири ўринбосари ҳудудларда аҳоли ва ишбилармонлардан бузилишлар бўйича тўланмаган қарзлар қолаётганини таъкидлаган.

113 миллиард сўм Молия вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари кирувчи ташкилотларга ажратилади, аммо айнан қайси харажатлар учун эканлигига аниқлик киритилмаган. Қонунчилик палатасининг жорий харажатлари йил якунига кўра 25,1 миллиард сўмга ошган.

Бундан ташқари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 триллион сўмга оширилмоқда. Шундан 1,1 триллион сўми президентнинг 2 декабрдаги қарори (ПҚ-5275) ижросини таъминлашга йўналтирилган. Мазкур ҳужжат билан Молия вазирлигига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 5 йил муддатга миллий валютада 100 миллион доллар эквивалентидаги маблағларни фоизсиз асосда ажратиш топширилди.

2021 йил учун консолидацияланган бюджет тақчиллигининг чегаравий ҳажми (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, ташқи қарзлар ҳисобга олинган ҳолда давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ) ЯИМга нисбатан 5,5 фоиздан 6,5 фоизгача оширилади.

Қонунчилик палатаси 14 декабрь куни қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган, бироқ бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси истисно тариқасида қонунни ҳужжатнинг ҳар бир бандини муҳокама қилмасдан, бирданига иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишни таклиф қилган. Шунингдек, 15 декабрь куни ўтказилган Сенатнинг ялпи мажлисида ҳам мазкур қонун маъқулланган (http://daryo.uz/k/2021/12/15/senatorlar-2022-yil-uchun-davlat-budjeti-togrisidagi-qonunni-maqulladi/).