Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «шаҳар ичидаги қурилишлар» учун танқид қилди

Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «шаҳар ичидаги қурилишлар» учун танқид қилди

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг ўтган бир ҳафтадаги фаолияти ҳақида маълумот берувчи «Махсус ракурс» кўрсатувининг навбатдаги сонини эълон қилди.

Дастурда 25 январь куни бўлиб ўтган саноат ва логистика соҳасида умумий қиймати 8,6 триллион сўмга тенг инвестицион лойиҳаларнинг тақдимотига оид кадрлар намойиш этилган. Ўшанда Президент оқартирилган тунука (280 миллион евро), юқори сифатли цемент (2,1 триллион сўм), музлатгич, совутгич ва кондиционерлар учун герметик компрессорлар ишлаб чиқариш (735 миллиард сўм) ва бошқа лойиҳалар билан танишганди.

Герметик компрессорларни ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишиш вақтида Президент инвестициялар ва ташқи савдо вазири Шухрат Вафоевга лойиҳанинг амалга оширилиш муддати юзасидан эътироз билдирган.

«Лойиҳанинг бошланиш муддати нотўғри. Жуда чўзиб юборгансан. Лойиҳани амалга оширишни бошлаш — 2021 йил 1 июнь. Бу бўлмайди, эски усул бу. Бир ҳафта ичида ҳаммани оёққа турғазишинг керак. Бу деганинг декабрга боради. Март охирига қадар бошланглар. Яна икки ой бор, одамларинг бор. Бу тайёр лойиҳа, бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Чўзиш нега керак?», — дея савол берган Президент.

Масъул шахслар лойиҳани тезлаштиришга ваъда берган.

Умуман олганда давлат раҳбари Тошкент учун таклиф этилаётган саноат ва логистика лойиҳаларини маъқуллаган. Бироқ Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоҳида мурожаат қилиб, шаҳар ичидаги қурилиш ишларини танқид қилган.

«Мен Тошкентда 4—5 йил ишлаганман оғайни. Бу ерга 120 миллиметрли кичкинагина канализация қўйганмиз (Президент труба диаметрини қўли билан кўрсатган — таҳр.)… Сен эса у ерда 9 қаватли уй қурибсан. Биз канализация насосини қуришимиз керакми ёки йўқ? Трубаларни кучайтиришимиз керакми? Мактабларчи? Боғчаларчи?», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Учрашув якунлари бўйича Президентнинг асосий топшириғи — лойиҳаларни сифатли амалга ошириш учун уларни экспертизадан ўтказиш, бу тизимни тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ҳам татбиқ этиш, инвестиция лойиҳаларининг тайёрланиши ва баҳолаб бориш, қуйи бўғиндаги мутахассисларга кўмаклашишдан иборат.