Шавкат Мирзиёев куну тун ишлайдиган савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этишни маъқуллади

Шавкат Мирзиёев куну тун ишлайдиган савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этишни маъқуллади

Ўзбекистонда куну тун ишлайдиган савдо кўчалари ва хизмат кўрсатиш марказлари яратилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган.

Йиғилишда Президент ҳар бир лойиҳа ижросини назоратга олиб, тадбиркорларга кўмаклашиш, шу билан бирга, янги лойиҳаларни шакллантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 28 та шаҳар ҳамда аҳолиси 150 мингдан кўп бўлган туман марказларида савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этилиши белгиланган. Уларда 100 мингта тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш имкони мавжуд.

«Хизмат кўрсатишда энг муҳим масала – бу манзилни тўғри танлаш. Шу боис Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган кўчалар ҳамда марказларнинг жойини танлаб, лойиҳасини ишлаб чиқиш, лотларга бўлиб, танлов асосида савдога чиқариш топширилди», — дейилади хабарда.

Хавфсизлик чораларини кўриб, ушбу савдо кўчалари ва хизмат кўрсатиш объектларининг куну тун ишлашига рухсат берилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, Миллий банк томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади.

Умуман айтганда, бюджетдан ва Миллий банк томонидан хизмат кўрсатиш соҳасига жами 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўм йўналтирилади.