Шавкат Мирзиёев Президент Давлат хавфсизлик хизматига доир қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев Президент Давлат хавфсизлик хизматига доир қонунни имзолади

Қонунда қуйидагилар назарда тутилади: Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари: қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қўриқланадиган объектларни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва бошқалар.

Шунингдек, ушбу қонун доирасида қўриқланадиган шахслар доираси ҳам белгиланган:

  • президент ва унинг оила аъзолари, собиқ президент ва унинг бутун ҳаёти даврида оила аъзолари, президент вазифаларини ва ваколатларини бажарувчи шахс;
  • битимларга мувофиқ чет давлатларнинг, ҳукуматларнинг, парламентларнинг, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа шахслар.

Ҳужжатга кўра, ташкилот ҳуқуқий мақомига кўра қўриқланадиган шахслар ва объектлар хавфсизлигини таъминлайдиган, шунингдек қўриқланадиган шахслар ва объектларнинг хавфсизлиги масалалари бўйича жалб қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган, уларнинг ҳамкорлигини ҳамда тезкор бошқарувини амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органидир.

Президент давлат хавфсизлик хизматига президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади. Президент давлат хавфсизлик хизмати бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдор. Фуқаролар ва мансабдор шахслар учун ПДХХ ходимларининг қонуний буйруқларини бажариш мажбурий ҳисобланади.

Қонунга кўра, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ҳамда ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан мустақил тарзда олиб боради. 

Қонун билан Президент давлат хавфсизлик хизмати 41 тоифадаги ҳуқуқларга эга бўлмоқда. Булар қаторига қўриқланадиган шахслар билан мулоқот қиладиган шахсларнинг анкета ва бошқа зарур маълумотларини текшириш, қораловчи маълумот олинганда давлат органлари ва бошқа ташкилот ходимларини ишдан четлатиш ҳақида тақдимнома киритиш. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ушлаб туриш, қўриқланаётган шахс турган объектда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, заруратга қараб ҳудуддаги радиоалоқа тўлқинларини тўсиб қўйиш, қўриқланадиган шахс ҳаракат йўналишида пиёда ва транспорт ҳаракатини тўхтатиш ва бошқа кўплаб ҳуқуқларга эга.

Бундан ташқари, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг шаъни, ижтимоий-сиёсий фаолиятини обрўсизлантирувчи ахборотлар юзасидан прокуратура ва суд органларига ариза киритади.

Ташкилот таркиби касбга яроқлилик бўйича текширувдан муваффақиятли ўтган, муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган Ўзбекистон фуқаролари билан ихтиёрий асосда тўлдирилади. Хизматга Қуролли Кучлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг захирасидаги ёки резервидаги фуқаролар, шунингдек аёл жинсига мансуб бўлган, ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича тегишли касбий тайёргарликка эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ҳам қабул қилинади.

Янги ходимларни ишга олишда давлат ташкилотларининг ҳарбий хизматчиларига устуворлик берилади.

Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларига ўз хизмат мавқейидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, хизматга доир барча маълумотларни ОАВ ва интернетга жойлаш тақиқланади.

ПДХХ ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси давлат томонидан кафолатланади.

Олий Мажлис Сенати томонидан жорий йилнинг 29 май куни қабул қилинган ушбу қонунни қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланган:

биринчидан, 2018 йилнинг январь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикаси президентининг ёпиқ қарорлари билан тартибга солинган бўлиб, очиқ тарздаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас;

иккинчидан, Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув, муҳандислик-техник ва бошқа тадбирлар мажмуини амалга оширади.

  • Бунда Президент давлат хавфсизлик хизмати тезкор-хизмат фаолиятининг алоҳида жиҳатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўғридан тўғри таъсир этади;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати ўзига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида қўриқланувчи шахслар манфаатларини кўзлаб, қўриқлаш тадбирлари ўтказилаётган жойларда эркин ҳаракатланишни, қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари атрофида ва ҳаракатланиш йўналишларида турли хил объектларнинг қурилиши ва реконструкциясини, қўриқланувчи шахсларга ва улар бўлиш объектларида хизмат кўрсатишга бевосита жалб этилган ташкилотларнинг меҳнат фаолияти амалга оширилишини ва бошқа ҳаракатларини чеклайди;

учинчидан, Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўқотар қуролни қўллашнинг аниқ тартиби белгиланмаган.

«Ўзбекистон Республикаси президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун расмий эълон қилинган кун, яъни бугундан эътиборан кучга кирди.