Шавкат Мирзиёев Қаҳрамон аёлга телефон қилди (фото)

Шавкат Мирзиёев Қаҳрамон аёлга телефон қилди (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни мамлакатимиз хотин-қизларининг энг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири – Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалигининг раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Лола Муротова билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, яқинлашиб келаётган қутлуғ байрам билан қизғин табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари самимий суҳбат чоғида Лола Муротованинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракати ривожига, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қўшаётган беқиёс ҳиссасини, кўп йиллик заҳматли ва ҳалол меҳнатларини, она-Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлидаги муносиб хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Лола Муротова ўзининг қирқ йилдан ортиқ давр мобайнида бой тажрибаси, бутун билими ва куч-ғайратини диёримиз ободлиги ҳамда элимиз фаровонлигига сафарбар этгани, шунингдек жонкуяр, камтар ва оқила ўзбек аёли сифатида ёш авлод ва бутун мамлакатимиз хотин-қизлари учун чинакам ўрнак ва намуна бўлаётгани ҳурмат билан қайд этилди.