Шавкат Мирзиёев: Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди

Шавкат Мирзиёев: Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Технопаркда ишга туширилган янги корхоналарни бориб кўрди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Бу ерда умумий қиймати 365 миллион доллардан зиёд бўлган 17 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, шундан 6 таси ўтган йили фойдаланишга топширилган эди. Бу йил бошида яна 4 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари битказилди. Айни кунларда синов режимида маҳсулот тайёрланмоқда.

Президент ушбу корхоналарда ўрнатилган технологиялар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўздан кечирди.

«Бу корхоналарнинг, албатта, иқтисодий аҳамияти катта. Лекин мени кўпроқ қувонтирадигани ёшларимизнинг малакаси, ишончи. Ҳозирги ёшлар ўқиган пайтларда бунақа станоклар йўқ эди. Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фурнитура ва аксессуарлар лойиҳасининг қиймати 20 миллион доллар. Бунинг эвазига бино мукаммал таъмирланиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 450 та иш ўрни яратилган. Корхона эшик ва ромлар учун йилига 6 миллион дона фурнитура ва аксессуар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу 10 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш, 3 миллион долларлик экспорт имкониятини беради.