Шавкат Мирзиёев: «Таълим муассасалари битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билиши шарт»

Шавкат Мирзиёев: «Таълим муассасалари битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билиши шарт»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган чет тилларини янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари соҳада ютуқ ва камчиликлар хусусида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Очиқлик сиёсатимиз, дунё бозорига фаол кириб бораётганимиз ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгайиши чет тилларини ўрганишнинг долзарблигини янада оширмоқда.

Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим.

Шунинг учун жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши лозим», – деди давлат раҳбари.

Йиғилишда қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги 25 та олийгоҳда ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошган, яъни 700 нафардан 7 минг нафарга.