Шавкат Мирзиёев тиббиёт тизимида қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев тиббиёт тизимида қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш ҳақида гапирди

Айни пайтда давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. «Халқ сўзи»  хабар беришича, видеоселекторда Президентимиз тиббиёт тизимида бешта йўналишда жиддий ўзгаришлар қилиш шартлигини қайд этган.

Биринчиси – бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.

Иккинчиси – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

Бешинчиси – тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

— Бу ишларни вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт раҳбарларининг ҳаммаси ҳам аниқ тушуниб, ишлаяптими, деган саволга, афсуски, ҳозирча жавоб йўқ, — деди давлатимиз раҳбари.