Шавкат Мирзиёев Толибон вакилининг икки йил олдин берган ваъдаси ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев Толибон вакилининг икки йил олдин берган ваъдаси ҳақида гапирди

Маълум бўлишича, Президент вилоятга ташрифи давомида фаоллар билан учрашган ва Афғонистондаги вазият масаласига тўхталиб ўтган. Шавкат Мирзиёев қўшни давлатда содир бўлган вазият ҳаммани ўйга солиши табиий эканини айтди. Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг мудофаа қудрати ҳар қандай вазиятга тайёрлигини, вазият назорат қилиб турилганини таъкидлади.

Лекин мени ўйлантиргани — улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам. Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз, — деди давлат раҳбари.


Президент Толибон билан кеча ёки бугун эмас, ҳали ҳеч қайси давлат улар билан гаплашмаганида, икки йил олдин улар билан мулоқот қилишга топшириқ берганини эслади.

Телевизорда кўрган бўлсангиз, уларнинг Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар жаноби олийлари ҳам ўшанда Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасига вафодор бўлиб тургани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий, — деди Президент.

 

Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Ким бўлишидан қатъи назар улар билан мулоқот қиламан. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар гаплашаман, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.


Давлат раҳбари шундай воқеа булишини икки йил олдин билганини таъкидлади.