Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳрига етиб борди

Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳрига етиб борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5 август куни Туркманбоши шаҳрига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Аввал хабар берилганидек, эртага, 6 август куни Ўзбекистон Президенти «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. У барча қўшни мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ўтказилган эди. Иккинчиси эса 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Навбатдаги саммитда, аввало, илгари эришилган келишувларнинг натижалари кўриб чиқилади. Минтақада барқарор ва изчил тараққиётни таъминлаш, савдони ривожлантириш, энергетика соҳасида шериклик учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, пандемияга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриши, умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини баён этиши кутилмоқда.

Саммит доирасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва Иқтисодий форум, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталари концерти ҳам ўтказилади.