Шавкат Мирзиёев янги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев янги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Қонунга кўра, икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига эга чет эл фуқаролари қайси давлат фуқаролигига мансублиги тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича Ўзбекистонга кирган бўлса, Ўзбекистонда ўша давлатнинг фуқаролари ҳисобланади.

Ўзбекистондаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади.

Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга – улар 16 ёшга тўлганида ёки ота-онасининг, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилган пайтидан эътиборан ва 16 ёшга тўлгунига қадар идентификацияловчи карта берилади.

Идентификацияловчи карта қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

янги туғилган бир ёшгача бўлган болаларга – 2 йилга;
бир ёшдан 16 ёшгача бўлган шахсларга – 5 йилга;
16 ёшдан 60 ёшгача бўлган шахсларга – 5 йилга;
60 ёшдан ошган шахсларга – 10 йилга.