«Шахсий намуна кўрсатиш осон эмас экан». Шерзод Шерматов раҳбар сифатида пиёда юргани ҳақида

«Шахсий намуна кўрсатиш осон эмас экан». Шерзод Шерматов раҳбар сифатида пиёда юргани ҳақида

Яқинда Президентимиз томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда раҳбарлар ўзи шахсий намуна кўрсатиши зарурлиги бўйича ўзига хос чақириқ бўлганди.

Якшанба куни пешинда Хоразмдан қайтгач, тушликдан сўнг ишхонага яёв юриб боришни бир текшириб кўришга ҳаракат қилдим. Тахминан 2 соатларда 9 километрни бемалол юриб борса бўлар экан. Албатта, бирдан кўп юрилганига эртасига озгина оёқ оғриғи бўлдию, кейин ўтиб кетди. Эртаси куни эса одам ўзини анча тетик хис қилиб, яна яёв юргиси келаркан.

Йўлда хурсанд бўлганим, «Ботаника боғи»га оилавий келиб, айланадиганлар жуда кўпайибди.

Янги бинога кўчиб ўтганимиздан кейин, ишхонада ҳам 8 қаватга лифтдан фойдаланмай чиқишни йўлга қўйгандим. Кейин зинадан фойдаланиш ходимлар орасида оммалашди. Шунинг учун ҳам, шахсий намуна дейилгани бежизга эмас.

Насиб қилса, пандемиядан қутилиб, давлат ишидаги раҳбар кадрларда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича шахсий намуна кўрсатишига янада кўпроқ вақт бўлади.

Шерзод Шерматов, халқ таълими вазири

Эслатиб ўтамиз, октябрь охирида Президент фармони билан бир суткада 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўланиши белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқарога 3 минг сўмдан тўланади. Бундан ташқари, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.