«Шиловни ҳимоя қилаётганлар ўзлари билмаган ҳолда ғайриинсоний идеологияни ҳимоя қиляпти»

«Шиловни ҳимоя қилаётганлар ўзлари билмаган ҳолда ғайриинсоний идеологияни ҳимоя қиляпти»

Бир пайтлар постколониал ва постимпериал миллатчиликлар ҳақида ёзгандим.

“Лукойл” воқеаси ўзимизда, орқа ҳовлимизда бу икки янги миллатчиликнинг тўқнашуви ҳақида мисоллар билан фикр юритишга имкон беради. Маиший контекстдан чекиниб, антропологик сатҳга кўчадиган бўлсак, Қудратхўжаев кейси – постколониал миллатчилик, Шилов кейси – постимпериал миллатчилик. “Бу шунчаки ишчи вазият” деётганлар масаланинг тарихий контекстини тушунмайди.

Шиловнинг тилидан ўн йиллар давомида шаклланган ижтимоий кўникмалар гапиряпти: Марказий Осиё ҳукмронлари бўлган руслар ерли халқларга “қўй” сифатида қарашга ўрганиб қолган ва бу ассоциация ҳали ҳам онг остида тирик. Бир пайтлар қора танлиларни “ниггер” деб қул қилган оқ танлилар “ниггер” сўзига ирқчилик коннотацияларини юклаганидек, рус тилида ҳам “баран” деган ҳақорат шовинистик коннотацияга эга. Бу – лингвистик антропологияда яхши ўрганилган масала.

Постколониал миллатчилик ҳимоявий тактика қўллайди. Қудратхўжаев ўзбекча гапиришни талаб қилганидан “мени ҳам ҳурмат қил ахир, тилимни ўрган” деган мазмун келиб чиқади. Бу – ҳимоя тактикаси бўлиб, собиқ колонияларда шаклланаётган миллатларга хосдир. Асрлар давомида тили ва маданияти хўрланиб келган халқлар имконияти туғилганда реванш олиш мақсадида ўзига нисбатан ҳурмат талаб қила бошлайди. Яъни улар ўзлари билмаган ҳолда собиқ метрополияга юқори баҳо бериб, унинг ҳурматини кўришни истайди. Бу инсон психологиясига хос нарса: сени масхара қилиб, ерга уриб юрадиган одамга зўрлигингни исботламоқчи бўласан.

Постимпериал миллатчилик ҳужум тактикасини қўллайди. У Европа империяларида шаклланган миллатчилик ва империализмнинг мантиқий давомидир. Постколониал миллатчилар ҳар қалай оппонентига одам сифатида қарайди, лекин постимпериал миллатчилар учун собиқ мустамлака одамлари – одам эмас, “қўй”, “эшак”, “қора танли ҳайвон” ва ҳоказо. Бу “қўй”лар империя тилини билса ҳам, уларга бўлган муносабат ўзгармайди. Ишончим комилки, Шиловдан гап эшитган ишчилар рус тилини оз-моз билади, энг камида тушунади. Бирор рус ўзбек тилини шу даражада билса, ўзбек миллатчиси хурсандлигидан уни ўпиб ташлайди. Лекин постимпериал миллатчилик оппонент тил билишига қараб унга бўлган муносабатини ўзгартирмайди, негаки у оппонентига ақлий савияси паст деб қарайди, унинг интеллектуал ривожини шубҳа остига олади. Постколониал миллатчилик ҳар қалай оппонентини ўзидан кўра ақлсизроқ, савиясизроқ деб ҳисобламайди.

Замонавий миллатчиликнинг бу икки кўринишини фарқлаш муҳим, негаки уларнинг илдизи бошқа-бошқа, моҳияти, принциплари ҳам бир-биридан фарқ қилади, натижалари ҳам ҳар хил бўлади. Империал миллатчиликнинг энг мудҳиш кўриниши Гитлер нацизми бўлган.

Шиловни ҳимоя қилаётганлар ўзлари билмаган ҳолда ғайриинсоний идеологияни ҳимоя қилаётганини тушунмаяпти.

Эльдар АСАНОВ
Журналист ва филолог

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.