Шомуродов Дестронинг соясида қолиб кетяптими? Мутахассис қандай жавоб берди?

Шомуродов Дестронинг соясида қолиб кетяптими? Мутахассис қандай жавоб берди?

Кеча Италия А сериясининг 20-турида ҳамюртимиз Элдор Шомуродов тўп сураётган “Женоа” клуби сафарда “Кротоне” меҳмони бўлди ва ишончли ғалабани қўлга киритди. Мезбонлар дарвозасига киритилган жавобсиз учта гол эвазига “Женоа” муҳим уч очкони қўлга киритди.

Шомуродов ушбу учрашувда ҳам асосий таркибда ўйинни бошлади ва ўйин тақдири ҳал бўлгач, 61-дақиқада захирага олинди. Кўриниб турибдики, бош мураббий Давиде Баллардини унга ишоняпти ва ҳужумда Дестро-Шомуродов тандеми анча самаралироқ эканлигини кўрсата оляпти. Бизни биринчи навбатда қизиқтираётган нарса нима?

Албатта, Элдорнинг ўйин амалиётига эга бўлаётгани яхши, аммо шу билан бирга ундан гол ҳам кутаётганимиз табиий. Чунки у ҳужумчи ва табиийки, жамоасига ҳам унинг голлари керак. Ҳозиргача ҳамюртимиз ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйди. “Парма” ҳамда “Сассуоло” дарвозаларини ишғол қилгани албатта ёдимизда турибди. “Кротоне”га қарши учрашув эса ҳамюртимизнинг “Женоа”даги 14-ўйинига айланди. Бугунги учрашувда ҳам Шомуродов голли ҳужумнинг бошланишида иштирок этди. Маттиа Дестро эса дубль қайд этди ва голлари сонини 9 та етказди. 16 та учрашувда 9 та гол яхши натижа-а?

Агар “Женоа”нинг ўйинини кўраётган бўлсак, худди Элдор Дестронинг соясида қолиб кетаётгандек ҳам тасаввур уйғонмоқда. Чунки Маттиа асосан ҳужум марказида гавдаланяпти. Шунинг учун жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Қолаверса, бугунги ўйиндаги иштироки учун Шомуродовга 6,7 балл қўйилган. Бошланғич таркибда тўп сурган ўйинчилар орасида энг паст балл унга тегишли бўлди. Аслида Шомуродовни Дестронинг соясида қолиб кетаётгани ҳақидаги фикримиз қанчалик тўғри? Бу борада таниқли мутахассис Ислом Аҳмедовга мурожаат қилдик ва у ҳамюртимизнинг “Женоа”даги иштироки борасида ўзининг мулоҳазаларини билдирди.

- Биринчи навбатда бизнинг ўйинчимиз Италияда тўп суряпти. У ернинг футболи эса бошқа савияда. Кўряпсиз, Элдор Шомуродов ўз жамоасининг асосий таркибида ўйнаяпти. Шунга яраша ҳамюртимиз меҳнат қиляпти. Унинг майдондаги ҳаракатлари яхши, албатта. Шуни алоҳида айтмоқчиман, бирданига келиб тўпурар бўлиш жуда қийин, айниқса Италия чемпионатида. Мослашишга, бир-бирини тушунишга вақт керак бўлади. Нимагаки, Италияда талаблари ҳам, одамлари ҳам, умуман ҳамма нарса бошқача. Озгина сабр қилишимиз лозим. Бизнинг футболчимиз жуда истеъдодли. Европа футболи савиясида бемалол ўйнаб кета олади. Бунга 100 фоиз ишонаман. Унга вақт керак. Италия чемпионати техник ёки креативлик томонидан пастроқ. У ерда кўпроқ ҳимоявий ва жисмоний футболга урғу қаратилади. Бизникилар техник футболга ўрганишган. Италияда эса фақат ишлаш талаб этилади. Эсингиздами, Андрей Шевченко “Милан”да роса порлаганди. Кейин “Челси”га ўтди. У ерда ўйин услуби умуман бошқача эди. Натижада Шевченко йўқолиб қолганди. Чунки Англияда бошқа талаб ва бошқа ўйин эди. Тўғри, Шомуродовга Италияда қийин, аммо ўйнаб кетишига ишонаман. Унда жисмоний томондан табиий куч бор. Руҳий тарафдан ҳам Элдор кучли бола. Дарвозани яхши ҳис қилади.

Унга бекордан-бекорга “Ювентус” қизиқмайди-ку! Буларнинг ҳаммаси рост. Хорижлик скаутлар футболчининг ўша клубда ўйнай оладими-йўқми, ҳаммасини яхшилаб таҳлил қилгач, кейин таклиф қилишади. Демак, Шомуродовда имконият бўлади. У уларнинг ўйин услубига керак. Элдорнинг яхши жиҳатларидан бири шуки, унда тезликдаги техникаси бор. “Ювентус”га эса шу нарса керак. Элдорнинг ҳозирги вазифаси эса “Женоа”да ўзини яхши томонлама кўрсатиш. Гол урса ундан-да яхши. Лекин асосийси, у жамоавий ўйинда яхшими-йўқми? Кўпчилик шуни кузатяпти.

Франция терма жамоаси Россиядаги жаҳон чемпионатида чемпион бўлди-а? Ўшанда марказий ҳужумчиси Оливье Жиру мундиалда бирорта ҳам гол ура олмаган. Лекин бош мураббий Жиру тўғрисида нима деди? Агар у шу жойда ўйнамаганида биз чемпион бўла олмасдик, деб айтган. Кўряпсизми, албатта жамоавий ўйинчи ҳам бўлиши керак, айниқса, Италия чемпионатида. Қаранг, у ерда ҳимоявий ўйин шаклланган. Бежизга Шомуродовга бироз вақт керак деб айтмаяпман. У жуда истеъдодли, табиий кучи бор. Шомуродовда Худо томонидан берилган иқтидор бор. Бугунги кундаги бизнинг юлдузимиз, - дея муносабат билдирди Ислом Аҳмедов.