“Шомуродовни “Женоа”дан ҳайдаш керак!”

“Шомуродовни “Женоа”дан ҳайдаш керак!”
Генуянинг марказий қисмида яшайдиган аҳоли ўзлари мухлислик қиладиган “Женоа”нинг асосан шаҳар чеккасида ҳаёт кечирадиган ишқибозлар тарафдор бўлган "Сампдория"га қарши тўқнашувини йилнинг энг муҳим учрашуви сифатида қабул қилади.

А Сериянинг 25-турида “Фонарь дербиси”, деб ном олган ушбу баҳс гувоҳи бўлдик. “Женоа” ўз майдонида “Сампдория” билан куч синашди. Ҳар икки томон мухлислари фақат ғалаба кутган беллашувда бу гал ҳам кучлар тенг келди – 1:1.

Уй учрашувларини битта майдонда ўтказадиган бу жамоаларнинг биринчи даврадаги баҳсида ҳам худди шу ҳисоб қайд этилган эди.

Хуллас, бу гал мезбон сифатида тўп тепган “Женоа”нинг мухлислари жамоа ғалабага кўпроқ лойиқ эди, деб ишонган шекилли, учрашувдан сўнг футболчилар танқид остида қолди. Асосий таркибда майдонга тушган Элдор Шомуродов ҳам бундан қуруқ қолмаяпти.

Эътиборингизга генуялик фанатларнинг Шомуродов ҳақидаги салбий ва ижобий фикрларини ҳавола қиламиз.

Domenico Pappalardo:
Менимча, Шомуродовнинг бошланғич таркибда ўйинга туширилиши хато бўлди. Ҳозирча у бунга тайёр эмас. Яқинда олган жароҳати бунга имкон бермайди. Элдор бир бўлим давомида юқори даражада ўйнай олади. Лекин майдонда 80 дақиқа кураша олмайди.

Rosario Cimmino:(Domenico Pappalardo фикрига жавобан)
Мен ҳам шу ҳақида ўйлаётган эдим. “Верона”га қарши ўйинда Шомуродов захирадан ўйинга тушиб, гол урди. Дербида бизга иккинчи бўлимда майдонга чиқиб, ўйинни кучайтирадиган ҳужумчи етишмади.

Nicola Esposito:
Жуда ёмон ўйнадик. Алам қиладигани, дербида шундай бўлди. Бунга жамоада италияликларнинг камлиги ва “Сампдория”га қарши ўйинни йил воқеаси сифатида қабул қиладиган генуялик футболчининг таркибда йўқлиги сабаб. Хорижлик футболчилар бу дерби ҳақида нимани ҳам тушунарди? Дунёнинг бошқа томонида туғилган Шомуродовга бизнинг тўқнашувимиз аҳамиятлими?

Testa Roccia:
Шомуродов майдонда нима қилди? Битта зарба ва жарима майдончаси ичидаги Стротманга битта яхши пас берганини инобатга олмаса, ҳеч нарса билан ёдда қолгани йўқ. Ўзбек футболчисини роса мақташганди, амалда эса ундай бўлмаяпти.

Euplio Kekko:
Баллардини ҳужумчилар масаласини ҳал қилиши керак. Дестро, Шомуродов ва Пандев салоҳиятини ишлатиб бўлди. Энди ёш футболчилар – Малес ва Скамаккага имкон бериш керак.

Franco Botte:
Ҳужумчиларимиз гол уришдан тўхтади. Энг ёмони, улар хавфли вазиятлар яратмаяпти. Шомуродов, Дестро ва Пандевнинг учаласига битта зарба тўғри келди.

Gennaro Carfora (Franco Botte фикрига жавоб)
Сиз нега фақат ҳужумчиларни танқид қиляпсиз? Ярим ҳимоячилар уларга тўпни етказиб бера олмаяпти-ку. Ҳужумчилар қулай позицияга очилиб, уларга тўп етиб келмаган вазиятлар кўп бўлди. Ўша Шомуродов жуда тезкор ҳужумчи, очиқ ҳудудларни яхши топади, лекин уни ҳеч ким қўллаб-қувватлагани йўқ.

Claudio Maresca:
Жамоанинг ярмини ҳайдаб юбориш керак. Борган сари ўйинимиз ёмонлашмоқда. “Женоа”да Шомуродов ва унга ўхшаган легионерларга жой йўқ!

Кўриниб турибдики, италиялик футбол мутахассислари ва журналистлар Элдор Шомуродовнинг “Сампдория” билан бўлган учрашувдаги ўйинини юқори баҳолаган бўлса-да, генуяликлар мухлислар легионеримизни кескин танқид қилмоқда. Чунки, экспертлар ва профессионаллар ўз фикрларини фактлар ва таҳлиллар билан асослантиради. Мухлислар эса, ҳар қандай футболчига ҳиссиёт билан баҳо беради.