Шуҳрат Ғаниев дам олиш куни нега мажлис ўтказди? Вазирлик бунинг қонунийлигини айтмоқда

Шуҳрат Ғаниев дам олиш куни нега мажлис ўтказди? Вазирлик бунинг қонунийлигини айтмоқда

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 18 апрель, якшанба куни соат 18:00 да Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилаётгани маълум қилинган. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди. 

Маълум қилинишича, ўтказилган видеоселекторда иштирок этган барча ташкилот ходимлари ўз меҳнат вазифаларига кирадиган масалалар юзасидан дам олиш кунида ишга жалб қилинган.

Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан  огохлантириш хатлари берилган.

Вазирлик хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим.

Ёҳуд ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

Шу билан бирга, вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳозирги кунга қадар ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан 300 дан ортиқ мониторинглар ўтказилган бўлиб, ўрганишлар давомида қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ташкилот ва идораларга 150 дан ортиқ ёзма кўрсатмалар киритилган.