Синглисига гап отган эркакдан ўч олган ака узоқ муддатга қамалди

Синглисига гап отган эркакдан ўч олган ака узоқ муддатга қамалди

Жорий йилнинг 21 мартидан 22 мартига ўтар кечаси Қашқадарё вилояти, Косон туманида бир эркак шафқатсизларча ўлдирилиб, қудуққа ташлаб юборилган. Марҳум 3 нафар боланинг отаси эди.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, йигит эркакни синглисига гап отганликда гумонлаб, уни алдов йўли билан, гўёки қиз бола бўлиб Telegramда гаплашиб, учрашувга чақиради. 

Ака ўзининг бу режасини уч нафар қариндошига ҳам айтади. Учрашув чоғида ака кутилмаганда эркакнинг бўйнига пичоқ санчади. Жабрланувчи бунга жиддий қаршилик кўрсатаётганида, машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган шериклар эркакнинг қўлларини ушлаб туришади. Йигит эркакнинг турли жойларига пичоқ уриб, уни ўлдиради.

Шундан сўнг, улар марҳумга тегишли машинада қўшни қишлоққа боришади ва унинг жасади ҳамда буюмларни ўша ерда яшовчи қариндошининг ҳовлисидаги қудуққа ташлаб юборишади. Шунингдек, машинадаги 20 млн сўм пулни ҳам талон-торож қилишади.

Жиноятга доир ҳужжатлар кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра, уч боланинг отасини ўлдирган акага нисбатан 19 йил, унинг уч шеригидан 2 нафарига 18 йил ва бир нафарига эса 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.