Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан банк муассасасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “M.K.” МЧЖ раҳбари Т.Ҳ. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, МЧЖга тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида ажратилган 7 млрд сўм кредит маблағининг 3,5 млрд сўмини мақсадсиз сарфлаб, талон-торож қилганликлари  аниқланган.

Худди шундай, Термиз шаҳар бўлими томонидан банк муассасасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро У.С. “T.Q.” МЧЖга норасмий раҳбарлик қилиб, МЧЖга нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун асосий воситалар сотиб олиш мақсадида ажратилган 500 млн сўм кредит маблағини мақсадсиз сарфлаб, талон-торож қилганлиги, шунингдек, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган бинони қонунга хилоф равишда тасарруф этганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.