Сирдарё вилоятида 25,5 трлн сўмлик 737 та лойиҳа амалга оширилади

Сирдарё вилоятида 25,5 трлн сўмлик 737 та лойиҳа амалга оширилади

Президент Сирдарё вилоятида амалга ошириш кўзланган 25,5 трлн сўмлик 737 та лойиҳа тақдимоти билан танишган. Лойиҳалар натижасида йилига 11 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати, қарийб 36 минг иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, Мирзаобод туманида Гужарат саноат зонасини ташкил этиш ҳам режа қилинган.

2021 йилда Сирдарё вилоятида умумий қиймати 25 триллион 500 миллиард сўм бўлган 737 та лойиҳа амалга оширилади. 1 март куни президент Шавкат Мирзиёев вилоятнинг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишган.

Маблағларнинг қарийб 900 миллион долларини хорижий инвестициялар ташкил этади. Лойиҳалар натижасида йилига 11 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати, қарийб 36 минг иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Янги корхоналар 326 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 124 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имконини беради. Лойиҳаларни шакллантиришда тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати «драйвер» сифатида белгилаб олинган.

Хусусан, 2020 йилда вилоятда маҳаллий хомашёдан трикотаж мато тайёрлаш даражаси 70, кийим-кечак ишлаб чиқариш даражаси 75 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда буларни 100 фоизга етказиш мўлжаллангани таъкидланган.

Тўқимачилик соҳасида амалга ошириладиган 29 та лойиҳаси натижасида қарийб 818 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, қўшилган қиймат 2,5 баробар ортади. 6 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Қурилиш материаллари саноатида 16 та лойиҳа режалаштирилган. Барча корхоналарни шу йил ишга тушириб, 2 мингга яқин кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Озиқ-овқат тармоғида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, мош етиштириб, экспорт қилиш, балиқчилик кластери ташкил этиш каби 51 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Буларнинг натижасида бозорга арзон ва сифатли маҳсулотлар чиқарилиб, нарх-наво барқарорлигига ҳисса қўшилади. 3 минг 500 га яқин кишининг бандлиги таъминланади.

Фармацевтика соҳасидаги 9 та лойиҳанинг ҳам самарадорлиги юқори. Гулистон шаҳри ва Сирдарё туманида фойдаланишга топшириладиган корхоналарда инфузион эритмалар, таблеткалар ва бошқа тиббий воситалар ишлаб чиқарилади.

Давлат раҳбари Мирзаобод туманида Гужарат саноат зонасини ташкил этиш лойиҳасига алоҳида аҳамият қаратган. У ерда томчилатиб суғориш ва иссиқхона жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги техникаси агрегатлари ва минитехникалар, пластмасса буюмлар, трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 8 та корхона бўлади. Уларда 1 минг 600 дан зиёд киши ишлайди. Йилига 25 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади, дейилади хабарда.

Бугунги кунда мазкур саноат зонаси учун 40 гектар ер ажратилган. Уни ташкил этишга 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши белгиланган. Корхоналар 2021−2023 йилларда бирин-кетиш ишга туширилади.

Президент лойиҳалар ижросида сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берган. Сирдарё вилоятининг Тошкент шаҳрига яқинлиги, темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиб, логистикани ривожлантириш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Президент матбуот хизмати хабар берган.