Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасида хўжаликлараро коллекторда сув сатҳи ошиб кетиб, жами 102 та хонадон ва Бахт бозорчасини сув босди. Аҳоли хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинмоқда. Ҳозирга қадар «Хазина» маҳалласидаги 20 та уйда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди.
«Юзага келаётган сурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги хўжаликлараро коллекторининг Бахт шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳининг меъёридан ошиб кетган.
Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, хусусан, Бахт шаҳри «Хазина» маҳалласининг Хамиятли кўчасида 21 та, Тароватли кўчасида 7 та, Улуғ йўл кўчасида 35 та, Пешқадам кўчасида 12 та, Янги қурилиш кўчасида 27 та хонадонга сув кирган», — дея хабар бермоқда ФВВ.
Зудлик билан вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, «Хазина» МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилди.