Сиёсатчилар келин-куёв эмас, балки иттифоқчи ва рақибдир — Путин

Сиёсатчилар келин-куёв эмас, балки иттифоқчи ва рақибдир — Путин

Халқаро майдондаги сиёсатчилар бир-бирларига келин-куёв эмас, балки шерик ва рақибдир. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг NBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди — деб хабар тарқатмоқда 'Qalampir.uz'.

Америка раҳбари Жо Байден билан бўлажак учрашув олдидан Владимир Путин АҚШ телеканалига интервью берди. NBC журналисти Кейр Симмонс яқинда Байден томонидан Путин манзилига айтилган шов-шувли сўзларини эслаб, “Сиз қотилмисиз?”, деб савол берди. Бунга Россия раҳбари қуйидагича жавоб қайтарди: 

“Биз халқаро майдондаги ҳамкасбларимиз билан баҳслашамиз. Биз келин-куёв эмасмиз, бир-биримизга абадий севги ва дўстликка қасам ичмаганмиз. Биз шерикмиз ва шунга қарамай вақти келса, баъзи ҳолатда бир-биримиз билан рақобатлашамиз”.

Жорий йилнинг март ойида Америка раҳбари Жо Байден Путинни “қотил” деб билишини айтганди. Россия Президенти NBC телеканалига берган ушбу интервьюсида Оқ уй раҳбарининг шов-шувли сўзларига изоҳ бериб, шундай деди:

“Бундан айбловларнинг ўнтасини эшитганман. Мен ўз фаолиятим давомида турли хил томондан бўладиган бундай ҳужумларга ўрганиб кетганман. Ҳеч нарса мени ажаблантирмайди”.