Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сиз мақташдан чарчаманг, мен — танқиддан
1.10.2019 13:44,  
524

Риштонга қайтдим... Снослардан кейинги қурилишлар тўхтаган Риштонда ҳануз аҳолининг норозиликлари қаршисида, ожизлигимни ҳис қилдим.

Кетишимдан олдин бу ерда ҳашар астойидил эди. Ҳайрият, хатосини тан олиб айбини юваётган экан деб хурсанд бўлгандим. Рости, сафарга хурсандчилик билан кетгандим. Қайтганимда эса бирон бир ўзгариш йўқ. Одамлардан аҳволинг қалай дейдиган одам йўқ...

Ҳамма ишлар тугаган, эплаб у ёқ-бу ёқдан пул топганлар янги уйини битказиш билан овора. Эплолмаганлар ҳокимиятга боришдан чарчаганларича йўқ. Чунки уйни тезроқ битказиш керак. Ваъда берилган пуллар эса йўқ.

Бу сафар уйини кириб кўришга изн берган ҳамюртим Убайдуллоҳ ака.

— Кир, ука, кўр бу аҳволни, тахтадан бир илож қилиб уйча қуриб 4 та фарзандим билан кун кечиряпмиз. Кечаги ёмғирда ДСП дош бермади. Болаларим совуқдан йиғлашмоқда. Берилган пулларга уйни бўйини кўтаролдим холос. Ҳали буни тугатиш керак. Мол-қўйларни сотдим. 10 млн бўлди. Униям уйга сарфладим. Бу давлат деганинг бизни ўйламас экан-да. Ўлиб кетсак ҳам бировнинг иши йўқ экан. Ўзим шу ишлардан қанд касалини ортириб олдим. Даволанишга пул қани, аввал, уй-жойни бир ёқли қилиш керак... Шу кичкинагина каталакдек тахта уйда 5 жон кунимизни кўриб турибмиз, — дейди Убай ака.

— Ҳеч қандай пул берилмадими? — сўрайман таажжубланиб.

— Бошида озроқ пул беришди. Кейинчалик яна берамиз дейишди. Лекин кейинчалик дегани қачон экан билмай турибман. Усталарни ҳам ўз пулимга ёлладим. Бозорда ишлардим, бозорни ҳам кўриб турибсан. Қанча одамнинг қозони қайнаб турарди, ҳозир энди бозор ҳам йўқ.

Аввалги уйнинг расмини кўрсатди. "Пешана теримга шу уйни қуриб оилам билан кўчиб чиқиб 4-5 йилдан бери тинчгина яшаб келаётгандим. Снос дедию шунча уйни расво қилди. Энди бу туришда эртага нима бўлади, Худо билади. Ишқилиб cовуқ қишдан эсон-омон ўтволайда. Газ бўлмаса. Бу ДСП-тахта уйда печка ишлатиш ҳам хавфли бўлса. Худодан сўраб юрибман фарзандларимни паноҳида асрашини", дейди суҳбатдошим.

Мана ўртоқлар, тахтаю ДСПлардан эплама қилиб тонг оттираётган бу оила бугунги кунда сиз мақтаётган, тинчлигимизнинг ва ривожланишимизнинг гарови бўлган раҳбарларимизнинг қайси сўзларига ишонсинлар?

Қарсаклар чалдингиз, олқишладингиз, раҳматлар айтиб миннатдор бўлдингиз. Оқибат сизни истаганча куйга солди. Ишонма, давлат одамига ва унга ишлайдиганларга ишонма десам мени душман билдингиз. Ҳар бир хатосидан кейин узр сўраса, кечириловрадиган қанақа ҳоким экан-а?

Ўзини блоггер санаётган биродарим, сиз бугун у раҳбарларни мақташдан чарчаманг. Чунки улар бирор кун сизга ҳам эътибор беришларидан умидворсиз. Сизни давраларда мақташига кайф қиласиз. Ўзингизча, катта одамлар қаторида юришингиз сизнинг ҳаётдаги ютуғингиз. Мен эса бундай ютуқларга тупуриб қўйибман. Ич-ичимдан қайт қивораман бунақанги ютуқларга.

Лекин сиз чарчаманг. Кўпиклаган оғзингиз билан ҳокимлару амалдорларни мақташдан чарчаманг. Зора, сизга ҳам таланган халқнинг бойликларидан бир нима тегса. Зора сиз ҳам бир нималик бўлиб қолсангиз. Зора сизга ҳам қандайдир амал тегса. Чарчаманглар.

Мен ҳам чарчамайман. Чунки бу халқ бир кун тобутимни кўтаришда чарчамайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан