Сўм девальвацияси сабабли тадбиркорлар учун имкон бериш тавсия қилинмоқда

Сўм девальвацияси сабабли тадбиркорлар учун имкон бериш тавсия қилинмоқда

Ўзбекистон ҳукумати давлат банкларига валютада қарзи бор қарздорлари билан учрашишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида молия вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов маълум қилди.

Йил бошидан буён долларнинг сўмга нисбатан курси 12,5 фоизга ўсиб, 1 январдаги 8336,25 сўмдан 21 август куни 9384 сўмга кўтарилди (20 август куни сўм эркин сузувчи курсга ўтди). Доллар курси энг кўп август ойида кўтарилди (679 сўмга). Хорижий валюталар курсининг кескин кўтарилиши бир қатор ташқи ва ички омиллар сабаб қилиб кўрсатилди.

«Газета.uz» нашрининг валютада кредитлари бўлган корхоналарда дефолт хавфининг ошиши эҳтимоллари тўғрисидаги саволига жавоб берар экан, молия вазирининг биринчи ўринбосари ҳукумат аралашмаслиги, ўзини ўзи алдамаслиги ва девальвацияни сунъий равишда ушлаб туришга ҳаракат қилмаслиги керак, деди.

«Биз бунга олиб келган далиллар ва хатолар устида ишлашимиз керак. Бошқа томондан эса бунинг оқибатларини юмшатиш учун нимадир қилишимиз ҳам керак. Девальвациялар масаласида — ҳукумат таркибида давлат банкларининг акционерлари сифатида барча давлат банкларига хорижий валютада кредит олган, айниқса хусусий сектрдаги барча қарздорлари бўйича ўрганишлар ўтказишни тавсия этишни режалаштирмоқдамиз. Агарда улар девальвациянинг бу даражаси уларнинг кредитларни қоплашига таъсир кўрсатаётганини кўраётган бўлса, биз 2017 йилда амалга оширганимиз каби учрашувга боришлари керак ва, эҳтимол, қандайдир енгиллик бериш, тўловлар жадвалини қайта кўриб чиқиш, имтиёзли даврни узайтириш ёки қайта кўриб чиқиш керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, банклар ўз қарздорлари учун шартларни енгиллаштиришдан манфаатдор бўлишлари керак.

«Албатта оммавий бўлмайди — индивидуал ёндашув бўлади, ҳисоб-китоблар бўйича. Банклар ушбу тавсияларсиз ҳам учрашувга боришади, чунки улар учун ҳам истеъмолчиларда дефольт бўлишидан фойда йўқ. Яхшиси бизнес билан учрашиш, уларга рисоладагидек ишлашига имкон бериш ва ўз кредитларини қайтариб олган маъқул», — деб ҳисоблайди Тимур Ишметов.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов сўмнинг 12 фоизга девальвация бўлишини ҳозирги вазият учун меъёридаги ҳолат эканини таъкидлаган эди. Доллар курсининг ошиши мамлакат ташқи қарзи ва корхоналарнинг валюта кредитларига хизмат кўрсатилишига таъсир қилмайди, дея қайд этди МБ раҳбари.

2